Maktabda 2011 - yil 1 - dekabr kuni O'zbekiston Xalq yozuvchisi , sevimli adibimiz Tohir Malik bilan o'qtuvchi va o'quvchilarning uchrashuvi rejalashtirilgan.
Ўзбек адабиётида Тоҳир Малик ўзининг "Фалак”, "Сомон йўли элчилари”, "Тириклик суви”, "Захарли ғубор” ("Васваса” номи билан қайта ишланган), "Чорраҳада қолган одамлар” ("Девона” номи билан қайта ишланган) ва бошқа фантастик, "Чархпалак”, "Қалдирғоч” ("Савоҳил” номи билан қайта ишланган), "Бир кўча, бир кеча”, "Сўнгги ўқ”, "Шайтанат”, "Ов”, "Мурдалар гапирмайдилар”, "Иблис девори”, "Меҳмон туйғулар”, "Жиноятнинг узун йўли”, "Одамийлик мулки” сингари детектив ва маърифий асарлари билан танилган ва китобхонларнинг севимли адибига айланган ижодкордир.
Тоҳир Малик 1946 йилнинг 27 декабр куни Тошкентда зиёли оиласида дунёга келди. Барча тенгдошлари сингари у ҳам урушдан кейинги турмуш қийинчиликларини бошидан кечирди. Оиладаги беш фарзанднинг кенжаси бўлган Тоҳир матабга бормай турибоқ, дарс тайёрлаб ўтирган акалари ва опалари ёнида саводини чиқарди. Укасининг китобга бўлган ихлосини сезган акаси унга ҳозирга қадар эъзозлаб сақлаётгани - "Мард йигит” эртаклар тўпламини совға қилди.
Таниқли ўзбек адиби ва таржимони Мирзакалон Исмоилий Тоҳир Маликнинг тоғаси бўлиб, уни 1949 йилда "халқ душмани” деган туҳмат билан қамоққа олишади. "Кечаси уйғониб кетиб қарасам, аям раҳматли қора чироқ нурида дўппи тикиб ўтирибдилар. Қўллари ишда-ю, кўзларида ёш. "Нега йиғлаяпсиз?” деб сўрадим. Жавоб бермадилар. Сабабини орадан йиллар ўтиб билдим. Тоғамнинг "халқ душмани” эмаслиги маълум бўлиб, "оқланиб” чиққанларида иккинчи синфда ўқирдим. Дастлабки машқларим ўшанда бошланган. Аммо ёзганларимни талабчан тоғамга кўрсатишга чўчир эдим”, - деб эслайди адиб.
Дастлабки ҳикояси 1960 йилда "Гулхан” журналида чоп этилади. 1963 йилда Тоҳир Малик Тошкент Давлат универитетининг кечки журналистика бўлимига ўқишга кириб, кундузи қурилишда дурадгор, ғишт терувчи бўлиб ишлай бошлайди. У ижодга доир машқларни давом эттирар экан, устоз-тоғанинг икки ўгити – "Ўзинг яхши билмаган нарсани ёзма”, "Бошқалар юрган йўлдан юрма, ўз йўлингни топ”га ҳамиша амал қилди. Болаларга атаб ёзилган ҳикоялари билан бадиий адабиёт сирларини ўрганган Тоҳир Малик кейинчалик ўзбек адабиётида кам эътибор берилган фантастика жанрига қўл урди ва бир қатор асарлари билан китобхонлар эътиборини қозонди. Унинг талабалик йиллари ёзилган "Ҳикмат афандининг ўлими” асари ўзбек адабиётининг фантастика йўналишида яратилган биринчи қисса ҳисобланади. Ёзувчининг бир қатор асарлари рус ва бошқа тилларга таржима қилинди. "Сўнгги ўқ” асари асосида етти қисмли, "Шайтанат” асари асосида йигирма қисмли бадиий фильмлар суратга олиниб, намойиш этилди.
Тоҳир Малик ўнга яқин радиопьесалар, ҳужжатли фильм сценарийлари, бадиалар муаллифи. Бадиий таржима соҳасида ҳам хизмат қилган.
Тоҳир Малик 1966 йилдан эътиборан матбуот соҳасида ишлайди. "Ленин учқуни” (Ҳозир "Тонг юлдузи” деб номланади), Ўзбекистон радиосида, Ғафур Ғулом номидаги ва "Чўлпон” нашриётларида, "Шарқ юлдузи”, "Ёшлик” журналларида ишлади. У ижодиий фаолияти давомида ҳаётни, инсонлар табиатини атрофлича ўрганди. Ёзувчи асарларини ўқир экансиз, уларда тасвирланган энг ёмон одамлардан ҳам баъзан нафратланмайсиз, аксинча уларнинг қисматига ачинасиз. Нега шундай? Чунки ёзувчи инсонларни, уларнинг ички кечинмаларини, руҳиятларини синчилаб ўрганади ва китобхонни ҳам мана шу руҳият оламига олиб киради. Уни шу ҳолга солган сабабларни таҳлил қилишга ва хулоса чиқаришга йўналтиради.
"Алвидо, болалик” асари Тоҳир Малик ижодида алоҳида ўрин тутади. Асардаги асосий мавзу – ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди, болани атроф-муҳит, жамиятдаги турли иллатлар жиноятчига айлантиради. Бу ҳақда адибнинг ўзи шундай дейди: "Мен ўсмирлар ва ёшларнинг жиноят кўчасига кириб қолаётганига бефарқ қараб туролмайман. Болалар аҳлоқ тузатиш колонияларига ҳар борганимда юрагим эзилади. Озод, эркин яшаб, ўқиб, ҳунар ўрганадиган ёшдаги болалар бу ерга қандай тушиб қолдилар?! Наҳот жиноят олами уларга жозибали кўринса?! Мен жиноят оламини "Шайтанат”, яъни шайтонлар етовидаги зумлкорлар мамлакати деб атаб, "Эҳтиёт бўлинг, жигарларим, бу кўчага яқин йўламанг. Боши берк бу кўчанинг адоғида фақатгина азобли, хорли ўлим топасиз.”, демоқ ниятида ёздим. Ёзганларимни огоҳлантириш деб қабул қилишларини истардим.” Мазкур асар саҳналаштириб Тошкентда ва Андижонда ёшлар театрларида намойиш этилди.
Ёзувчининг ижодий фаолияти ҳукумат мукофотлари ва турли адабий мукофотлар билан тақдирланган. 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига кўра "Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони берилган.